info@direksiya.uz (71) 237-32-04 9:00 дан 18:00 гача

Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи инновацион қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда

Асосий/ Ташкилот янгиликлари / Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи инновацион қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда

Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи инновацион қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда

  • Admin
  • 1351
  • 22,01-2020

   Мамлакатимизда бугунги кун талабидан келиб чиқиб, барча соҳалар сингари автомобиль йўллари қурилишида ҳам мутасаддилар томонидан инновацион ёндашув ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш борасида қатор янгиликларга қўл урилмоқда.

  Жумладан, “Трансйўлқурилиш” ДУК ҳамда Жанубий Корея давлатининг “CARIS CO.,LTD” холдинг компанияси билан ҳамкорликда республикамиз автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини мутлақо янгича услубда таъминлаш имконини берувчи, умумий лойиҳа қиймати 35 млн. доллардан иборат «CARISTRANSYO`LQURILISH» қўшма корхонаси ишга туширилмоқда.

  Ушбу қўшма корхона 3 та йўналишда фаолият олиб боради. Булар: йўл тўсиқлари, лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда йўл қурилиш.

  Биринчи йўналишда – бугунги кунга қадар кенг қўлланиб келинаётган металл ёки темир-бетон тўсиқлардан хавфсизлик, замонавий дизайн ва сифат, узоқ муддат хизмат қилиши ҳамда ўрнатишнинг қулайлиги каби афзалликлари билан ажралиб турувчи поливинилхлорид (ПВХ) йўл тўсиқлари ишлаб чиқарилади. Ушбу ПВХ йўл тўсиқларининг энг муҳим афзаллиги эса авария ҳолатида автомашинани тутиб қолиб, ҳайдовчи ва йўловчилар шикастланишидаги хавфни сезиларли даражада олдини олишидир. Шунингдек, маҳсулотни ишлаб чиқариш учун маҳаллий хом ашё ҳам етарли.

  Йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи бу маҳсулот ҳозирги кунда фақатгина Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилмоқда. АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ давлатларида тест сертификатидан ўтказилмоқда.

  Ўзбекистонда эса илк бор ушбу йўл-тўсиқлари синов тариқасида Тошкент вилояти Қибрай ва Юқори Чирчиқ туманларидан ўтувчи 19,2 км узунликда янги йўналишдаги автомобиль йўлининг бир қисмига ўрнатилди.

  Қўшма лойиҳанинг иккинчи йўналишида лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган бўлса, йўл тўсиқларини ўрнатиш ва йўлларни қуриш йўналишида украиналик мутахассислар ҳам жалб этилиши режалаштирилган.

  Бундан ташқари, яна бир лойиҳа – Қорақалпоғистон Республикасида йилига 1,5 млн. тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга “СARIS KARAKALPAK CEMENT” цемент заводини қуриш хусусида келишиб олинган. 60 гектар ер майдонида қуриладиган ушбу корхона ишга тушиши билан  400 та янги иш ўрни яратилади.

 Дирекция ахборот хизмати