info@direksiya.uz (71) 237-32-04 9:00 dan 18:00 gacha

Umumiy foydalaniladigan avtomobil yo'llari qurish va ulardan foydalanishni boshqarish tizimini takomillashtirish to'g'risida

Asosiy/ Huquqiy baza / Direksiya maqomiga oid hujjatlar / Umumiy foydalaniladigan avtomobil yo'llari qurish va ulardan foydalanishni boshqarish tizimini takomillashtirish to'g'risida

Umumiy foydalaniladigan avtomobil yo'llari qurish va ulardan foydalanishni boshqarish tizimini takomillashtirish to'g'risida

  • Admin
  • 2320
  • 25,11-2018
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ
 
УМУМИЙ ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ҚУРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШНИ БОШҚАРИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
 
 LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги ПФ-4954-сонли «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Йўл қурилишини бошқариш тизимини такомиллаштириш, умумий фойдаланиладиган замонавий автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, ортиқча бошқарув тузилмаларини қисқартириш, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш учун йўналтириладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қурилиш ва йўл-транспорти коммуникациялари комплекси, «Ўзавтойўл» концерни, йўл хўжалиги тизими бирлашмалари, корхоналари ва ташкилотларининг қуйидаги таклифлари қабул қилинсин:
Ўзбекистон автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат акциядорлик концернини Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш Давлат-акциядорлик компанияси («Ўзавтойўл» ДАК) этиб қайта ташкил қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг учинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 18 январдаги ПФ-3846-сонли Фармони билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 22-модда)
«Ўзавтойўл» компанияси таркибида туман автомобиль йўллари бошқармалари, эксплуатация-линия, йўллардан фойдаланиш, йўл-кўприклардан фойдаланиш бошқармалари негизида туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-эксплуатация корхоналари тузиш.
2. Қуйидагилар «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
республикада автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда ягона техникавий, инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсатни ўтказиш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари, кўприклар, тоннеллар, энг аввало халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган кўприклар ҳамда тоннелларга комплекс хизмат кўрсатиш ва уларни тегишли техник ҳолатда сақлаш ҳамда ўтказиш қобилиятини, шунингдек компания таркибига кирувчи пудрат ташкилотлари фаолиятини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш;
автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш масалаларининг комплекс ҳал этилишини таъминлаш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларида қурилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини амалга ошириш чоғида белгиланган қоида ва сифат стандартларига риоя этилишини назорат қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш ҳудудий йўл-эксплуатация ташкилотлари зиммасига, автомобиль йўллари ва йўл инфратузилмасига комплекс хизмат кўрсатиш ҳамда уларнинг техник ҳолати устидан доимий назоратни амалга ошириш эса — туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-эксплуатация корхоналари зиммасига юкланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 18 январдаги ПФ-3846-сонли Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 3-сон, 22-модда)
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компаниясининг:
2003 йилнинг 1 октябридан бошлаб йўл хўжалигини бошқариш тузилмасидаги Республика, вилоят ва маҳаллий йўл жамғармаларини тугатиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Республика йўл жамғармасини тузиш тўғрисидаги;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига маблағларни йиғиш ва тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш вазифаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ ва Давлат божхона қўмиталари зиммасига юклаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
5. Қуйидагилар Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Республика пул жамғармаси маблағ тушумлари ҳамда сарф-харажатларининг йиллик ва квартал балансларини шакллантириш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлашнинг инвестиция лойиҳалари ва тендер ҳужжатларининг техникавий-иқтисодий асосланишини экспертизадан ўтказиш;
йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишиб олиш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш смета харажатларини рўйхатдан ўтказиш;
умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаш, жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг қонунийлиги ва мақсадга мувофиқлиги устидан назоратни амалга ошириш.
6. Белгилансинки, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар давлат солиқлари ва йиғимларига тенглаштирилади, уларнинг миқдори ҳар йили Давлат бюджети тасдиқланиши билан бир вақтда белгиланади.
7. «Ўзбекистон Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акционерлик концерни («Ўзавтойўл»)ни ташкил этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 26 январдаги ПФ–546-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Фармонни ижро этиш бўйича қарор қабул қилсин.
 
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
 
Тошкент ш.,
2003 йил 19 август,
ПФ-3292-сон

 

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 8-сон, 112-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 3-сон, 22-модда)

Leave a Comment

Your email address will not be published. Required fields are marked